Жавоб: Ҳуқуқий давлат сифатида Ўзбекистонда ҳам ҳар қандай фаолият, ҳуқуқ ва эркинликлар, мажбуриятлар фақат ва фақат қонунчиликка мувофиқ белгиланиши ва амалга оширилиши лозим.
Шу маънода, янгиланган Конституциямизнинг 21-моддасида ҳеч кимга унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият юклатилиши мумкин эмас, деган норма мустаҳкамланди.
Конституция ва қонунларга риоя этиш, бошқаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асраш, атроф-табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлаш, Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш ва бошқалар жисмоний ва юридик шахсларга бир қатор бурч ва мажбуриятлар юклатилган.
Янги киритилган норма жисмоний ва юридик шахслар фақат Конституция ва қонунчилик ҳужжатларида мажбурий этиб белгиланганидан ташқари, бошқа бирор-бир мажбуриятни бажаришга бурчли эмаслигини, шунингдек давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ҳам уларга қўшимча мажбуриятларни юклаш ваколатига эга эмаслигини англатади. Бу эса амалиётда айрим ҳолатларда учраб турадиган бирор-бир қонунчилик ҳужжатида назарда тутилмаган мажбуриятни ёки қандайдир вазифани ташкилот раҳбари томонидан ходимга юклаш каби салбий ҳолатларга чек қўяди.
Муҳим жиҳати шундаки, кўпинча мансабдор шахслар ёки раҳбарлар ўз бўйсунувидаги шахсларга турли кўринишидаги оғзаки ва ёзма кўрсатмалар, топшириқлар ва вазифаларни юклайди. Ходим эса бундай ҳолатда ноқулай вазиятга тушади, ҳатто ушбу вазифа ва топшириқларни бажариш оқибатида жавобгарликка тортилишига ҳам сабаб бўлади. Айрим ҳолатларда мактаб ўқитувчиларини ҳокимият ёки маҳаллалар фаолиятига кўмаклашиш учун унинг ихтиёрига зид равишда жалб этиш каби амалиёт бунга яққол мисол бўлади.
Шу маънода киритилган ушбу норма, энг аввало, раҳбарларни қонунчиликда кўрсатилмаган топшириқларни беришдан тийилишга мажбур қилади, айни пайтда ходимларга ушбу вазифа бирор-бир қонунчилик ҳужжатида кўрсатилмаган, деб ижро этмасликка, уни бекор қилинишини юқори идоралардан талаб қилиш имкониятини беради.
Бу эса амалиётда айрим ҳолатларда учраб турадиган бирор-бир қонунда кўрсатилмаган мажбуриятни ёки қандайдир вазифани (масалан, жамоат ишларига жалб қилиш, иш вақтидан ташқари ёки дам олиш кунлари ишлаш) ташкилот раҳбари томонидан ходимга юклаш каби салбий ҳолатларга қатъиян чек қўяди.
Мазкур норма Германия, Болгария, Сербия, Грузия, Испания ва бошқа мамлакатлар конституцияларида белгилаб қўйилган.
Жавоб: Ҳар бир давлат ўз фуқароси қаерда бўлишидан қатъий назар, уни ҳимоя қилишга мажбурдир. Шу нуқтаи назардан, ҳеч бир давлат ўз фуқаросини ҳудудидан мажбуран чиқариб юборилишига ёки бошқа давлатга беришга йўл қўймайди. Зотан, Ўзбекистон Республикаси паспортида бежизга “ушбу паспорт эгаси Ўзбекистон Республикаси ҳимоясидадир”, деб алоҳида белгиланмаган.
Айнан шу мақсадда, янгиланган Конституциямизнинг 23-моддасида “Ўзбекистон Республикаси фуқароси бошқа давлатга бериб юборилиши ёки Ўзбекистондан ташқарига чиқариб юборилиши мумкин эмас”, деган инсонпарвар норма белгиланди.
Фуқарони ўз мамлакати ҳудудидан чиқариб юборилиши деганда, уни эрки-хоҳишига зид равишда сиёсий, диний, миллий, мафкуравий, маданий ва бошқа қарашлари ёки фаолиятини асос қилиб яшаб турган мамлакатидан мажбурий чиқариб юборилишини англатади. Бундан ташқари, сургун ёки бадарға каби жазо чораси сифатида ҳам ўз уйини тарк этишга мажбур қилиниши тушунилади.
Шўролар даврида сиёсий тузумга ёқмайдиган ёки ўзгача фикрлайдиган фуқароларни Ватанидан ташқарига сургун қилиш амалиёти бунга ёрқин мисол бўла олади. 1930-йилларда мамлакатимизда 5,5 мингдан зиёд оилалар сиёсий тузумнинг қурбонларига айланиб, “қулоқ” қилинганлиги, зўравонлик билан ўз ватанидан, қариндош-уруғларидан жудо этилганлиги тўғрисида маълумотлар бор.
Инсон ҳуқуқи ва қадр-қимматини оёқ ости қилувчи амалиётлар тарихда бўлганлигини инобатга олиб, давлат ўз фуқароларини жазо ёки сиёсий чора сифатида ўз ҳудудидан мажбуран чиқариб юбориш мумкин эмаслиги Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясининг 4-протоколи ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Араб хартиясида ҳам тўғридан-тўғри кўрсатилган.
Ўз фуқаросини бошқа давлатга бермаслик (non-extradition) деганда, халқаро ҳуқуқда давлат ўз фуқаросини содир этган жинояти учун бошқа давлатга ушлаб бермаслик тушунилади.
Шу билан бирга, халқаро шартномаларга асосан, давлатлар ўз фуқароларини ушлаб беришни рад этиши жиноятчини жазосиз қолишини англатмайди.
Мазкур янги норма фуқароларимизни доимий равишда давлат ҳимоясида эканлигига ишончини мустаҳкамлашга, ўз юртидан чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга берилиши каби ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади, давлат ва унинг маъсул органларининг ўз фуқаролари тақдирига бефарқ эмаслигини намоён этади.
Жавоб: Бир қатор давлатларда хориждаги ватандошларни ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланади.
Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев 2022 йил 20 июндаги Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда “Конституциямизга давлат чет элда яшаётган ва ишлаётган фуқароларимиз ҳамда ватандошлар билан мунтазам алоқаларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш ҳақида ғамхўрлик қилади, деган қоидани киритиш лозим” деб, давлатнинг янги мажбуриятини белгилашни таклиф этди.
Шундан келиб чиқиб, янгиланган Конституциямизнинг 23-моддасида “Давлат хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш тўғрисида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ғамхўрлик қилади ”, деган норма белгиланди.
Хорижда яшаётган ватандош деганда, Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида доимий истиқомат қиладиган ёки таълим олиш, меҳнат қилиш, оилавий ва бошқа шароитлардан келиб чиқиб вақтинчалик чет элда юрган Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек чет эл фуқаролигини олган, давлатимизга маънавий ва маданий мансубликни ҳис қилган шахслар ва уларнинг авлодлари, этник, тил ва маданий-тарихий нуқтаи назардан ўзини ўзбекистонлик сифатида англаган ҳамда мамлакатимиз билан ҳар томонлама алоқада бўлиш хоҳишида бўлган хорижда истиқомат қилаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тушунилади.
Дунёдаги барча ўзбеклар ўзаро маданий алоқаларни сақлаб қолиш мақсадида чет элларда тахминан 500 дан ортиқ ўзбек миллий-маданий марказлари фаолият юритади.
Айрим хорижий мамлакатлар конституциясида ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш тўғрисида норма мавжуд. Хусусан, Корея Республикаси, Грузия, Сербия, Хитой ва бошқа мамлакатларнинг асосий қонунида белгилаб ўтилган.
Ушбу норма чет элларда яшаётган, ишлаётган, таълим олаётган ватандошларимизни Ўзбекистон билан доимий алоқада бўлишига, тили, маданияти, урф-одатлари ва анъаналарини сақлаб қолиш ҳамда ривожлантиришга, ўзларининг тарихий Ватани – Ўзбекистоннинг обрўсини янада оширишга ўз ҳиссасини қўшишга хизмат қилади.
Жавоб: Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ва табиий ҳуқуқи бўлиб, у мамлакатда ўлим жазосини белгилаш, тайинлаш ва ижро этишни қатъий инкор этади. Ўлим жазоси энг оғир жиноий жазо бўлиб, у қўлланиладиган деярли барча давлатларда ўта оғир, инсон ҳаётига қасд қиладиган жиноятлар учунгина кўзда тутилган.
Янгиланган Конституциямизнинг 25-моддасида “Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси тақиқланади” деган қатъий норма мустаҳкамланди. Шу тариқа, давлатимиз бу ниҳоятда жиддий масалада ҳеч қачон ортга қайтмаслигини, инсонпарварлик ғояларига содиқ эканлигини бутун дунёга намоён қилмоқда.
Тарихга назар ташласак, 1994 йилдаги Ўзбекистон Жиноят кодексида 33 турдаги жиноят учун ўлим жазоси белгиланган эди. Жиноий жазоларни либераллаштириш натижасида ўлим жазоси белгиланган нормалар босқичма-босқич қисқартирилиб, фақат 2 та, яъни қасддан одам ўлдириш ва терроризм жиноятлари учун кўзда тутилган, 2008 йил 1 январдан эса ўлим жазоси батамом жиноий жазо сифатида бекор қилинди. Ўзбекистонда ўлим жазосини бекор қилиниши ва тақиқланиши БМТнинг 1966 йил 16 декабрдаги Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пакт талабларига ҳам тўлиқ мувофиқ келади.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда юқори судлар томонидан аввал чиқарилган кўплаб ҳукмлар қайта кўрилиб, оқлов ҳукмлари чиқарилмоқда. Демак, судлар ҳам хатоларга йўл қўйиши хавфини инкор этиб бўлмайди. Шундай экан, ўлим жазоси тайинланган шахсга суд келгусида оқлов ҳукми чиқарадиган бўлса, ноҳақ айбланган инсон ҳаётини ортга қайтаришнинг ҳеч қандай имкони йўқ!
Ўлим жазосига қайтмаслик юзасидан Ўзбекистоннинг қатъий позицияси Конституцияда мустаҳкамланиши давлатимизда инсон ҳаёти ва қадри юқори даражада муҳофаза этилишини яна бир бор тасдиқлайди.
Бугунги кунда 106 давлатда (Канада, Аргентина, Дания, Франция, Италия, Норвегия, Швеция, Болгария, Польша ва бошқалар) ўлим жазоси барча жиноятлар учун бекор қилинган.
Конституцияга ушбу норманинг киритилиши билан Ўзбекистон инсонпарварлик ғояларига ўз содиқлигини намоён этади, ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда ўлим жазоси турини қайтариш ва қўллаш бўйича ҳар қандай ташаббусларга қатъий равишда барҳам беради. Пировардида, эса ҳар бир инсоннинг, ҳатто у жиноят содир этган бўлса ҳам, яшаш ҳуқуқини кафолатланишига хизмат қилади.
Жавоб: Шахсни ушлаб туриш чоғида унга ҳуқуқлари ва ушлаб туриш асосларининг тушунтирилиши (“Миранда қоидаси”) халқаро ҳуқуқда умумэътироф этилган норма бўлиб, суриштирув, тергов ва суд жараёнларида қонун бузилишига йўл қўймасликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Шу маънода, янгиланган Конституциямизнинг 27-моддасида “Шахсни ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари унга тушунарли тилда тушунтирилиши шартлиги” белгиланди.
“Миранда қоидаси” ўз тарихига эга. 1966 йилда жиноят содир этган Э.Мирандани ҳибсга олган АҚШ Аризона штати полицияси уни сўроқ қилишдан аввал гумонланувчи сифатида ҳуқуқлари тушунтирилмаганлиги туфайли, кейинчалик унинг айбга иқрорлиги тўғрисидаги кўрсатмаси асосида чиқарилган ҳукм АҚШ Олий судида бекор бўлган. “Миранда қоидаси”га (ингл. Miranda warning) биноан шахсни ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши, айбланувчи айбловнинг моҳияти ва асосларидан хабардор қилиниши, шунингдек, сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши, жиноят ишларида ўзига қарши гувоҳлик беришга мажбур қилинмаслиги, малакали юридик ёрдам таъминланишини талаб этилади.
Кўпчилик фуқароларимиз тергов органлари томонидан кимдир қўлга олинганида, у нима учун ушланганини айтилмаслигидан, айтилганида ҳам ушлаш сабаблари ва айбноманинг асл маъносини тушунмаслигидан шикоят қиладилар. Одатда, ушланган шахс ўз ҳуқуқларини билмаган шароитда тергов органлари томонидан айбига иқрорлик кўрсатмалари беришга мажбурланиши хавфи катта. Айнан процессуал ушлаш вақтида инсон оғир руҳий ҳолатга тушади ва ҳуқуқий ёрдамга айниқса муҳтождир, чунки у бундай мураккаб вазиятда жиноятда айбдор ёки айбсизлигини исботлаш мажбурияти унга эмас, аксинча, тўлиқ тергов органларига юклатилганлигини англай олмайди.
Муҳими, мазкур қоидага кўра, шахснинг ҳуқуқлари у яхши тушунадиган тилда тушунтирилиши ва бу тил айнан унинг она тили бўлиши шарт бўлмай, шахс одатда мулоқот қиладиган ва яхши тушунадиган тил бўлиши талаб этилади. Шу нуқтаи назаридан, ушбу қоида ушланган шахсга унинг ҳуқуқларини реал таъминланишини кафолатлайди ва унга нисбатан тергов органлари томонидан алдов, нотўғри маълумот бериш ва бошқа ҳар қандай қонунга хилоф усулларни қўлланилишини олдини олади.
“Миранда қоидаси”нинг мазкур талаби Испания, Греция, Нидерландия, Хорватия, Словения ва бошқа бир қатор давлатлар конституцияларида мустаҳкамланган.
Ушбу қоиданинг Конституцияга киритилиши шахсни асоссиз ушланиши, адвокат иштирокисиз ёки ўзига қарши кўрсатма беришга мажбур қилинишини олдини олади. Ўз ҳуқуқларини яхши билган ва талаб қиладиган инсонларга нисбатан тергов вақтида зўравонлик ёки қонунга хилоф ҳаракатлар қилиш эҳтимоли албатта кескин пасаяди.
Жавоб: Инсон ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш бўйича муҳим институтлардан бири “Хабеас корпус акт” халқаро даражада умумэътироф этилган ҳужжат сифатида шахс эркинлигини таъминлаш йўлида ўзига хос янги даврга асос солган.
“Хабеас корпус” (лот. habeas corpus) – “танани судга келтириш”, яъни ушланган ёки ҳибсга олинган шахсни адолатли суд муҳокамасига бўлган ҳуқуқи ҳисобланиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга санкция бериш, лавозимдан четлаштириш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларнинг асослигига фақат суд томонидан баҳо бериш амалиётини жорий қилиниши, ўз навбатида, суднинг мустақиллиги, холислиги ва беғаразлигини таъминлашни, жиноят процессида тортишув принципини кучайтиришни назарда тутади. “Хабеас корпус” институти қўлланишини янада кенгайтириш доирасида почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш ва эксгумация қилиш каби тергов ҳаракатларини ўтказишга санкция бериш бўйича ваколатлар прокуратурадан судларга ўтказилди.
Қамоқ эҳтиёт чорасинининг судлар томонидан қўлланилиши амалиётини келтирадиган бўлсак, 2022 йилда тергов органларидан судларга келиб тушган жами 24 118 та илтимосномадан 23 503 таси каноатлантирилган, 485 таси эса рад этилган, яъни 485 нафар шахсга нисбатан асоссиз равишда қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилиши олди олинган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2022 йилнинг 20 июнь куни Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувдаги нутқида “Хабеас корпус” институтини ривожлантириш зарур. ... Бу ҳақдаги муҳим нормани ҳам Асосий қонунимизда акс эттиришимиз зарур. Бундай қоидалар инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинликлари – олий қадрият деган эзгу тамойилга ҳар томонлама мос келади”, деб таъкидлади.
Шу мақсадда, янгиланган Конституциямизнинг 27-моддасида “Ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас”, деган инсонпарвар қоидалар мустаҳкамланди.
Мазкур талаб Испания, Греция, Нидерландия, Хорватия, Словения ва бошқа давлатларнинг конституцияларида мустаҳкамланган.
Янги киритилган норманинг аҳамияти шундаки, эски тузумдан мерос бўлиб қолган суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фуқароларни жазоловчи ёндашувидан инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилувчи ва ҳимояловчи, поймол қилинган ҳуқуқларни тикловчи, рағбатлантирувчи ёндашувига ўзгартиради. Хусусан, жиноят процессида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини янада кучайтиришга, суд-тергов жараёнларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни ноқонуний ҳаракатлардан тийиб туришга, шахсни асоссиз ҳибсга олиниши ҳолатларини бартараф этишга, шу орқали инсоннинг озодлигини чеклаш билан боғлиқ бўлган хатоларга йўл қуйилмаслигига ҳамда халқимизнинг судларга бўлган қатъий ишончини оширишга хизмат қилади.
Жавоб: Гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш борасида жиноят процессида айбсизлик презумпцияси одил судловнинг муҳим принципи ҳисобланади. Шу боис, янгиланган Конституциямизнинг 28-моддасида гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган қуйидаги янги иккита кафолатлар белгиланди.
Биринчидан, “Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак”, деган норма киритилди.
Таъкидлаш лозимки, муайян жиноят иши бўйича суриштирувчи, терговчи тергов ҳаракатлари, суд эса суд тергови орқали далиллар тўплайди.
Айни пайтда, тўпланган далилларни баҳолашда уларга нисбатан шубҳа пайдо бўлиши мумкин. Бунда, шубҳалар айблов томонга ишлатилиши керакми ёки ҳимоя фойдасигами, деган савол юзага келади.
Конституцияга киритилган ушбу инсонпарвар янги норма бундай вазиятда айбдорликка оид барча шубҳалар гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилинишини қатъий мустаҳкамланди.
Шахсни айбли эканлигига оид ҳар қандай шубҳалар, айблаш учун етарли бўлмаган маълумотлар асосида шахсни жавобгарликка тортиш мумкин эмас. Терговда шубҳа остидаги далиллар асосида айб эълон қилинган бўлса ҳам, бундай вазиятда айбини тасдиқловчи далилларнинг етарли эмаслиги туфайли судда унга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилади. Яъни, “исботланмаган айб – исботланган айбсизликка тенг” деган халқаро стандарт амал қилади. Мисол сифатида айтиш мумкинки, мамлакатимиз судлари томонидан сўнгги 5 йилда 4 минг 700 нафардан ортиқ фуқаро оқланган.
Иккинчидан, “гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин” деган қоида жорий қилинди.
Шахсни айбдорлигини исботлаш мутлақо суриштирув ва тергов органларининг бевосита вазифасидир. Айни шу боис ҳам, Конституциямизда шахсни ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслигига оид қоида мустаҳкамланди. Жиноий таъқиб остидаги шахснинг сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши суриштирув ва дастлабки терговда унга босим остида ёки қадр-қимматини камситиб ноқонуний кўрсатма олиш ҳолатларини олдини олади.
Бундай нормалар Озарбайжон, Чехия, Грузия, Хорватия, Япония, Словакия конституцияларида ўрин олган.
Конституциямизга киритилган мазкур нормалар тўғридан-тўғри амал қилувчи қоидалар бўлиб, тергов ва суд жараёнида фақат ишончли ва қонуний далиллардан фойдаланишни таъминлайди ҳамда натижада, шахсни асоссиз равишда жавобгарликка тортилишидан ҳимоя қилади.
Жавоб: Шахс ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик бермаслик ҳуқуқининг кафолатланиши суриштирув, тергов ва суд жараёнларининг холислик ва адолат тамойилларига таяниб амалга оширилишини таъминлайди.
Шу боис, янгиланган Конституциямизнинг 28-моддасига “Ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас”, деган мазмундаги инсонпарвар ва қадриятларимизга мос норма мустаҳкамланди.
Табиий савол туғилади, нима учун жиноят иши бўйича шахс ўзига ёки яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас?
Биринчидан, шахсга нисбатан ҳар қандай айблов кўриб чиқилаётганда тезкор-қидирув ходими, суриштирувчи ёки терговчи томонидан унга нисбатан босим ўтказишдан ҳимоялайди, иккинчидан, ўз айбига мажбуран иқрор бўлишининг олдини олади, учинчидан, жиноий таъқиб остидаги шахснинг оғир ҳолатидан фойдаланиб, ундан қариндошларига қарши кўрсатув олишни тақиқлайди.
Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пактда ҳам “ўзига ўзи қарши кўрсатув беришга ёки ўзини айбдор деб тан олишга мажбур килинмаслик” кафолати белгиланган.
Шунингдек, Жиноят процессуал кодексининг 116-моддасида шахснинг ўз қариндошларига қарши кўрсатма беришдаги эркинлиги белгиланган бўлиб, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг яқин қариндошлари гувоҳ ёки жабрланувчи тариқасида фақат ўзларининг розиликлари билан сўроқ қилинишлари мумкин.
Лекин, афсуски, тергов амалиётида шундай ҳолатлар ҳам учрайдики, айрим тергов ходимлари фуқароларимиз ўзининг бундай ҳуқуқи борлигини англамаслигидан фойдаланиб, ўз қариндошига нисбатан гувоҳлик бериш эркин эканлиги ва бу каби гувоҳлик беришдан бош тортиш учун жиноий жавобгарлик мавжуд эмаслигини тўлиқ тушунтирмайдилар. Натижада, инсонларнинг мазкур ҳуқуқдан амалда реал фойдаланиши чекланади.
Мазкур талаб қатор давлатлар конституцияларида, масалан, Испания, Греция, Нидерландия, Хорватия, Словения ва бошқа мамлакатларда мустаҳкамланган.
Бу қоиданинг Конституцияда белгиланиши жиноий таъқиб остидаги ҳар қандай шахсга ёки унинг яқин қариндошларига руҳий босим ва турли таҳдидлар ўтказиш, унинг шаъни ва қадр-қимматни камситиш каби бошқа ноқонуний усуллар қўлланишини олдини олишга хизмат қилади.
Жавоб: Ҳуқуқий давлатда қонун устуворлиги амалда таъминланиши ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг қонуний манфаатлари ҳимоя қилувчи одил судлов тизими амал қилиши шарт.
Энг муҳими, шахслар ноқонуний, асоссиз ёки ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлардан иборат далиллар асосида айбдор деб топилиши ва жавобгарликка тортилиши мумкин эмас. Жиноий таъқибга олинган шахснинг иқрорлик кўрсатувларигагина асосланиб, уни айбдор деб хулоса чиқариш одил судлов тамойилларига зиддир.
Шу боис, янгиланган Конституциямизнинг 28-моддасида “Агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас”, деб белгиловчи норма ўз ифодасини топмоқда.
Суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд жиноят юз берганлигини, унинг содир этилишида ким айбдорлигини, шунингдек у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши шарт. Фақатгина шахснинг ўз айбини бўйнига олиш ҳақидаги кўрсатмаси уни жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўлмаслиги лозим. Бунда шахсни айбдор деб топиш ва уни жазога тортиш учун етарли далиллар тўпланган бўлиши керак.
Жумладан, Жиноят процессуал кодексининг 112-моддасига кўра, гумон қилинувчининг у содир этган жиноят ҳақидаги кўрсатувлари ва айбланувчининг ўз айбига иқрор бўлиши, бу иқрорлик бошқа ишончли далиллар мажмуи билан тасдиқланган тақдирдагина, уни айблаш учун асос қилиб олиниши мумкин.
Таклиф этилаётган конституциявий норманинг муҳим кафолати шундан иборатки, иқрорлик кўрсатмалари, улар иш юзасидан ягона далил бўлса, шахс айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас! Бундай шахс ҳуқуқлари кафолати, тергов органлари зиммасига конституциявий даражада алоҳида масъулият юклайди-ки, эндиликда улар шахсни айбини исботлаш жараёнида иқрорлик кўрсатмаларига асосий урғуни бермаслиги ва айбловни тергов йўли билан текширилган бошқа далиллар билан исботлашлари шарт.
Мазкур қоида Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пактнинг 14-моддасидаги “ўзига ўзи қарши кўрсатув беришга ёки ўзини айбдор деб тан олишга мажбур килинмаслик” кафолатидан ҳам келиб чиқади.
Мазкур қоида содир этилган жиноят бўйича ҳақиқатни аниқлаш, шунингдек, айбсиз инсонларни жавобгарликка тортилишини олдини олишга, айни пайтда жиноят содир этган ҳақиқий айбдор шахс ёки шахсларни аниқлашга хизмат қилади.
Жавоб: Афсуски, яқин-яқингача мустабид тузумдан қолган иллат фуқароларни ишга олишда эскидан сақланиб қолган амалиёт, яъни қариндошлари судланган, деб ишга қабул қилмаслик ёки юқори лавозимга тайинламаслик ҳолатлари учраб турар эди.
Табиий савол туғилади, жиноят учун бутун бир авлод жавоб бериши адолатданми? Отасининг қилмиши учун нега фарзандлари ёки ака учун ука жавоб бериши керак?
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек, “Бундай адолатсиз “тизим”дан энди бутунлай воз кечамиз. Чунки халқимизга нисбатан собиқ тузум даврида, айниқса, ўтган асрнинг
30-йилларидаги сиёсий қатағонларнинг ўзи етарли эмасми?!
Янгиланган Конституциямизнинг 28-моддасига “Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлмаслиги керак”, деган инсонпарвар ва адолатли норма мустаҳкамланди. Унинг моҳияти нимадан иборат, деган савол туғилади.
Судланганлик шахсга суд ҳукми билан жазо тайинланганидан кейин келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибат бўлиб, мазкур шахсга нисбатан муайян оқибатларни келтириб чиқаради. Масалан, давлат бошқаруви, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ишга кириш ёки уларда тегишли лавозимларни эгаллашда, ҳарбий хизматни ўташда, сайланиш ҳуқуқидан фойдаланишда ёхуд муайян фаолият билан шуғулланишда қатор тақиқларни юзага келтиради. Аммо, шахснинг судланганлиги билан боғлиқ турли чекловлар уни ўзи билан чекланиб, бошқа шахсларнинг ҳуқуқларига таъсир қилмаслиги ва ҳеч бир ҳолатда инсон ўзининг яқинлари йўл қўйган хатолар учун жавоб бермаслиги керак!
Қолаверса, меҳнат қонунчилигига кўра, шахсларни яқин қариндошлари судланганлиги муносабати билан ишга қабул қилмаслик ҳолати ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этиш, деб ҳисобланади. Афсуски, бундай эскича ёндашув оқибатида кўплаб юртдошларимиз азият чеккан. Масалан, одатда бир оилада ота-она, бир неча ака-ука, опа-сингил ва фарзандлар бўлса, бу оиланинг биргина аъзоси қилган хатоси 10 дан ортиқ инсонларнинг ҳаётига салбий таъсир этади. Қанчалик уринмасин, меҳнат қилмасин, яқинининг судланганлиги инсоннинг касбий ўсиши, шахс сифатида ривожланиши, жамиятда нуфузли ўринга эга бўлишига тўғридан-тўғри тўсиқ бўлади.
Бу каби қоида Польша, Сербия, Испания, Хорватия, Словения ва бошқалар конституцияларида мустаҳкамланган.
Асосий қонунга киритилган мазкур қоида судланган шахслар қариндошларининг ҳуқуқларини асоссиз чеклашни тақиқлайди. Мустабид тузумдан мерос бўлган салбий тажрибадан воз кечиб, ҳар ким фақат ўзи содир этган жинояти учун жавоб беришини амалда таъминлашга хизмат қилади.