narrator-icon
100 та саволга 100 та жавоб

Жавоб: Давлатлар ўртасида доимий дўстликка асосланган муносабатларни ривожлантириш, жаҳон ва минтақа даражасида тинчликни таъминлаш халқаро муносабатларнинг долзарб масаласи ҳисобланади.

Ўзбекистон ўз тараққиёт босқичида очиқ, ўзаро ҳурмат, тенглик ва манфаатдорлик, яхши қўшничилик принципларига асосланган ташқи сиёсат олиб бормоқда.

Айни шу мақсадда янгиланган Конституциямизнинг 18-моддасига “Ўзбекистон Республикаси давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама муносабатларни ҳар тарафлама ривожлантиришга қаратилган тинчликсевар ташқи сиёсатни амалга оширади” деган қўшимча белгиланди.

БМТ Низомида ҳам халқлар бир-бирлари билан муросаю-мадора ва тоқатлиликни намоён қилиб, тинчлик шароитида яхши қўшничилик муносабатларини шакллантириб яшашлари лозимлиги мустаҳкамланган.

Тинчликсевар сиёсат деганда, давлатларнинг сиёсий-иқтисодий ва ижтимоий тузимлари ва уларнинг ривожланиш даражасидан қатъий назар, эркинлик, тенглик, адолат ва инсоннинг асосий ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, шунингдек, давлатлар ва халқлар ўртасида тинчликни мустаҳкамлаши тушунилади.

Ўзбекистоннинг минтақамизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги салоҳиятини кенгайтириш ва хорижий давлатлар билан кенг қамровли ҳамда ўзаро манфаатли алоқаларини ривожлантириш йўналишлари қонун билан тасдиқланган “Ташқи сиёсий фаолият концепцияси”да белгиланган.

Давлатимиз ташқи сиёсатини дунёнинг 131 та давлати билан дипломатик муносабатлар ўрнатиб, 38 та давлатда 37 та элчихоналар, 17 та шаҳарда бош консулхоналар, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларда доимий ваколатхоналаримиз фаолият юритмоқда.

Бундай норманинг киритилиши халқ дипломатиясини ривожлантириш, аҳолимизни бошқа халқлар билан тинч-тотув, дўстона, хавфсиз шароитда яшашлари, хорижий мамлакатлар, айниқса, қўшни давлатларга эмин-эркин бориб-келиши, қон-қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаши, мамлакат инвестиция муҳитини яхшиланиши учун кенг имкониятлар яратади.

Жавоб: Инсон туғилганидан бошлаб тегишли бўлган табиий ва ажралмас ҳуқуқлар сирасига инсон ҳаёти, шаъни, қадр-қиммати, озодлиги, тенглиги, эркин бўлиши, хавфсизлиги, дахлсизлиги киради ва бу ҳуқуқлар қонунларда белгиланганлиги ёки белгиланмаганлигидан қатъий назар инсонга азалий тегишлидир, деб эътироф этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2022 йилнинг
20 июнь куни Конституциявий комиссия билан учрашувда “Инсоннинг қадр-қиммати, асосий ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиз, ажралмасдир, улар ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлади”, деб таъкидлаган эди.

Ҳуқуқий демократик давлатда инсоннинг қадр-қиммати, асосий ҳуқуқ ва эркинликларининг дахлсизлиги, ажралмаслигини белгилаш билан бир қаторда, уларни ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли эканлигини тан олиниши муҳим аҳамият касб этади.

Айни шу мақсадда янгиланган Конституциямизнинг 19-моддасига инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлади, деган муҳим қоида белгиланди.

Ушбу қоида билан инсоннинг асосий, табиий ва ажралмас ҳуқуқларини таъминлаш давлат ва жамиятнинг энг асосий вазифаси сифатида Конституция даражасида мустаҳкамланди. Мазкур ҳуқуқларга яшаш ҳуқуқи, эркинликка бўлган ҳуқуқ, шахсий ва уй-жой дахлсизлиги, бошпана ҳуқуқи, мулк ҳуқуқи, суд ҳимоясига бўлган ҳуқуқ, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқи, эркин ҳаракатланиш, яшаш жойини танлаш, фуқароликка эга бўлиш, меҳнат қилиш ҳуқуқи, билим олиш ҳуқуқи, тиббий ҳуқуқ ва бошқа шу кабилар киради.

Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлиши Ўзбекистон аъзо бўлган инсон ҳуқуқларига оид 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларда белгиланган. Улар орасида умумэътироф этилган инсон ҳуқуқлари бўйича БМТнинг 7 та асосий шартномаси ва уларга қўшимча протоколлар, ЮНЕСКО, Халқаро меҳнат ташкилотининг халқаро конвенциялари, Халқаро гуманитар ҳуқуқ конвенциялари, ЕХҲТнинг “Инсонийлик мезонлари” ҳужжатлари, шунингдек, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, МДҲ каби минтақавий ташкилотларнинг ҳужжатларини миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлади деган норма Испания, Италия, Словения, Чехия конституцияларида белгиланган.

Мазкур норманинг Конституцияга киритилиши “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғоясига мос бўлиб, инсонни жамиятда эмин-эркин ва хавфсиз яшашига, мулкдор бўлишига, ўз қобилият ва истеъдодини тўлиқ намоён этишига хизмат қилади.

Жавоб: Инсон шаъни ва қадр-қиммати, дахлсизлиги олий қадрият бўлиб, ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамиятида уни амалда таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев 2022 йилнинг 20 июнь куни Конституциявий комиссия билан учрашувда “Инсон қадрини юксалтириш ҳақиқатда давлат ҳокимияти органларининг конституциявий бурчи ва устувор вазифаси бўлмоғи шарт”, деб таъкидлаган эди.

Шу нуқтаи-назардан, янгиланган Конституциямизнинг 26-моддасида инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир, деган инсонпарвар норма мустаҳкамланди.

Инсон шаънибу инсоннинг бошқа одамлар олдида ўз аҳамиятини англаши ёки инсоннинг маънавий обрўсидир.

Инсон қадр-қимматибу шахснинг ўзини ўзи ҳурмат қилиши, жамият аъзоси сифатида ўз мавқеи ва аҳамиятини англашидир.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси (1948 йил), Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт (1966 йил), Қийноқларга ҳамда муомала ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган турларига қарши Конвенция (1984 йил) каби халқаро хужжатларда инсон шаъни ва қадр-қимматини камситадиган, унинг ор-номуси, шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотлар ошкор бўлишига олиб келадиган, ҳаёти ва соғлигини хафв остига қўядиган, асоссиз равишда унга жисмоний, маънавий ёки руҳий азоб-уқубат етказадиган ҳаракатлар қилиш таьқиқланиши шахс шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишнинг асл моҳиятини ташкил этади.

Давлат органлари, мансабдор шахслар, айниқса, суриштирувчи, терговчи, прокурор, судья ва бошқа  ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўз фаолиятида ҳар қандай ҳолатда ҳам инсон шаъни, ор-номуси, ва қадр-қимматига дахл қилмаслиги, камситмаслиги, аксинча уларга инсоний муносабатда бўлишлари лозим.

Масалан, шахсий тинтув тинтилаётган шахс билан бир жинсдаги суриштирувчи ёки терговчи томонидан мутахассис ҳамда холислар иштирокида ўтказилиши ҳам инсон шаъни ва қадр қимматини таъминлашга қаратилган махсус қоида ҳисобланиб, уни бузиш тегишли жавобгарликка сабаб бўлади.

Шу нуқтаи назардан, миллий қонунчиликда инсон шаъни ва  қадр-қимматига қарши содир этилган ҳуқуқбузарлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган бўлса, фуқаролик қонунчилигида эса уларга етказилган зарарни қоплашга доир махсус нормалар назарда тутилган.

АҚШ, Германия, Франция, Испания каби давлатлар конституцияларида ҳам инсон шаъни ва қадр-қимматининг дахлсизлигини ҳимоя қилувчи алоҳида нормалар ўз ифодасини топган.

Ушбу норманинг Конституцияга киритилиши инсон қадри юксалаётган Янги Ўзбекистонда ҳар бир инсонни шаъни ва қадр-қиммати тўғридан-тўғри Конституция ҳимояси остида эканлигини англатувчи кучли механизмини шакллантиришга ҳизмат қилади.

Жавоб: Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаш, халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлаш ҳуқуқий демократик давлатнинг устувор вазифаларидан биридир.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга, жумладан БМТнинг 7 та асосий шартномалари ва 4 та факультатив протоколига қўшилган бўлиб, уларнинг амалга оширилиши юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига мунтазам равишда миллий маърузаларни тақдим этиб келмоқда.

Янгиланган Конституциямизнинг 19-моддасига “Ўзбекистон Республикасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига биноан ҳамда ушбу Конституцияга мувофиқ эътироф этилади ва кафолатланади”, деган инсонпарвар норма мустаҳкамланди.  

Конституцияга киритилган ушбу норма инсон ҳуқуқ ва эркинликларини Ўзбекистон Конституцияси ва халқаро ҳужжатларга мувофиқ тан олинишини, хусусан, халқаро ҳужжатларда кўрсатилган умумэътироф этилган нормаларни амалиётда тўғридан-тўғри қўллаш, миллий қонунчилик ҳужжатларига сингдириш ва бошқа механизмлар орқали таъминлашни кўзда тутади.Конституцияга киритилган ушбу норма инсон ҳуқуқ ва эркинликларини Ўзбекистон Конституцияси ва халқаро ҳужжатларга мувофиқ тан олинишини, хусусан, халқаро ҳужжатларда кўрсатилган умумэътироф этилган нормаларни амалиётда тўғридан-тўғри қўллаш, миллий қонунчилик ҳужжатларига сингдириш ва бошқа механизмлар орқали таъминлашни кўзда тутади. 

Инсон ҳамда фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига ҳамда Конституцияга мувофиқ эътироф этилиши деярли барча демократик давлатлар конституцияларда белгиланган.

Мазкур норма, биринчидан, Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларини инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларга мувофиқ ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши, давлат органлари ва мансабдор шахсларга қарорлар қабул қилишда халқаро ҳужжатлар талабларига риоя этиши, иккинчидан, фуқароларга давлат органлари билан муносабатларда, шу жумладан суд-тергов амалиётида халқаро ҳужжатлардаги нормалардан фойдаланган ҳолда ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини яратади.

Жавоб: Инсон ҳуқуқлари ҳар бир инсонга тегишли бўлган, унинг яшаш жойи, миллати, жинси, этник келиб чиқиши, танасининг ранги, дини, тили ва бошқа белгиларидан қатъи назар, ажралмас, ўзаро боғлиқ ҳуқуқлари ва эркинликларидир. Инсон ҳуқуқлари қадр-қиммат, адолат, тенглик, ҳурмат ва мустақиллик каби умумий қадриятларга асосланади. Ушбу қадриятлар конституциялар, қонунлар ва халқаро шартномалар билан ҳимоя қилинади.

Янгиланган Асосий қонунимизнинг 20-моддасида “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади”, деган инсон ҳуқуқларини бевосита амалга оширилишига оид муҳим норма мустаҳкамланди.

Инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларининг бевосита амал қилиши деганда, шахснинг Конституцияга бевосита асосланиб, барча қонуний воситалардан фойдаланган ҳолда уларни ҳимоя қилиш имконияти тушунилади.

Инсон асосий ҳуқуқ ва эркинликларининг бевосита амал қилиши уларни тўлақонли амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Мазкур норма, бир томондан, шахснинг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаш, кенгайтириш ва ривожлантиришни ва иккинчидан, шахсни ҳуқуқий ҳимояси механизмини такомиллаштиришни таъминлайди.

Инсон ҳуқуқларини бевосита амал қилиши принципининг умумқабул қилинган таърифи бўлмасада, асосан инсон ҳуқуқларини амал қилиши алоҳида қонун, қоида қабул қилишга ёки махсус орган тузишга боғлиқ бўлмаслигини назарда тутади.

Шундан келиб чиқиб, ушбу принципни конституциявий норма сифатида белгиланиши қуйидаги имкониятларни яратади: биринчидан, фуқароларимиз учун ўз инсон ҳуқуқларини бевосита ҳимоя қилиш имкониятини беради; иккинчидан, судлар инсон ҳуқуқларини ҳимоясига оид муайян ишларни кўраётганда Конституциядаги инсон ҳуқуқларига оид нормаларни тўғридан-тўғри қўллаш имкониятини яратади; учинчидан, барча даражадаги давлат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ўз фаолиятида инсон ҳуқуларига бевосита амал қилиши қоидасига риоя қилиш шартлигини яна бир бор эслатиб туради.

Мазкур конституциявий норма ислоҳотларнинг бош мақсади “инсон қадри учун” ғоясини кундалик амалиётимизда бош қадриятга айлантиришга, яъни инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туришини таъминлашга хизмат қилади.

Жавоб: Қонунларнинг мазмун-моҳияти ҳамда давлат органлари, мансабдор шахслар фаолиятининг асосий мақсади инсон қадрини таъминлашдан иборатдир.

Дарҳақиқат, инсонни улуғлаш унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда унинг бахтли ҳаёти учун зарур шароит яратишдан бошланади.

Янгиланган Конституциямизнинг 20-моддасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди, деган муҳим норма мустаҳкамланди.

Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунлар, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятининг мазмунини белгилаши ҳақида конституциявий норманинг аҳамияти қуйидагиларда намоён бўлади:

биринчидан, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилиши деганда, аввало қонун чиқарувчи томонидан инсоннинг ҳуқуқлари қонунчиликда тўлиқ белгиланиши, шу асосда ҳуқуқни қўлловчи ваколатли органлар ва мансабдор шахслар томонидан ўз фаолиятини ташкил этиши ҳамда судлар томонидан одил судловни амалга оширишда қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш назарда тутилади;

иккинчидан, инсоннинг ҳар бир конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари давлат ва фуқаро ўртасидаги ҳуқуқий муносабат мазмунини белгилаб беради. Яъни, ушбу нормаларни амалда таъминлаш, муҳофаза этиш давлат органларига мажбурият сифатида юкланади. Шу аснода, фуқароларнинг ҳуқуқлар ва эркинликлари кенгайиб, уларнинг манфаатлари тўлароқ ифода этилишига эришилади.

Мазкур норма фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини олий даражада кафолатлаб, Конституциянинг инсонпарвар табиатини кучайтиради. Шунингдек, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фақат ва фақат фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб фаолият кўрсатишининг ишончли ҳуқуқий асоси бўлиб, ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб беришга хизмат қилади.

Жавоб: Қонуннинг асосий мақсади инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш ва ҳимоя қилишдан иборатдир. Яъни, қонунлар кимгадир ортиқча мажбурият ёки харажат юклаши мумкин эмас. Аксинча, қонунлар воситасида жамият ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинади, инсонлар ҳаёти барқарорлаштирилади ва бир маромда кетиши таъминланади.

Янгиланган Конституциямизнинг 20-моддасида давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак, деган қатъий норма белгиланди.

Қонунларнинг пировард мақсади ҳам инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдан иборатдир. Бироқ, қонунчиликда бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш йўлида бошқа инсонга бажариш жуда қийин ёки иложсиз бўлган мажбуриятларни юкловчи нормалар мавжуд. Масалан, амалиётдаги бир ҳолат: фуқаронинг ипотека кредитидан 3 миллион сўмлик уч ойлик қарзи бор. Амалдаги қонунчиликка кўра, банк қарздорни судга беради. Лекин, бу масалада даъво аризаси 3 миллион сўм, яъни реал қарз бўйича эмас, балки кредитнинг тўланмаган қисмига, дейлик, 250 миллион сўмга нисбатан берилади. Суд аризани кўриб чиқиб, қарздордан 10 миллион сўмдан ортиқ давлат божи ундириш ва шартномани бекор қилиш бўйича қарор қабул қилади. 3 миллион сўмни тўлай олмаган фуқаро 10 миллион давлат божини қандай тўлайди? Кўриш мумкинки, суд қўллаган ҳуқуқий таъсир чора мақсадга эришишга нисбатан мутаносиб эмас.

Шу боис, энг муҳим конституциявий принциплардан бири бўлган мутаносиблик принципи илк бор Конституциямизда ўз ифодасини топмоқда. Мазкур принцип моҳиятан инсон ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтиришга йўналтирилган бўлиб, инсон ҳуқуқлари давлат томонидан чекланишининг асослилигини аниқловчи мезон ҳисобланади.

Мазкур нормага ўхшаш қоидалар қатор ривожланган мамлакатлар конституцияларида, хусусан Германия Асосий қонунида ҳам ўз аксини топган.

Ушбу қоида фуқароларнинг давлат идоралари билан бўлаётган муносабатларида юзага келадиган қатор муаммоларни ҳал этиб, ўз вазифаларини инсон ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда амалга ошириш имкониятини кенгайтиради. Мазкур норма қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатларида ҳам белгиланган, мансабдор шахслар қарорлари ва фаолиятида қўлланилган ҳуқуқий таъсир чоралари кўзланган қонуний мақсадга эришиш учун мос ва етарли бўлиши ҳамда манфаатдор шахсларга имкон қадар қийинчилик туғдирмаслиги, инсонларга моддий ва маънавий зиён етказилмаслигини олдини олишга хизмат қилади.

Жавоб: Ҳуқуқий давлатда барча муносабатлар қонун-қоидалар билан тартибга солиниши лозим. Ҳеч бир муносабат ҳуқуқий ечимсиз қолмаслиги шарт. Аммо, ижтимоий муносабатларнинг доираси жуда кенг бўлиб, давлат ва инсон ўртасидаги айрим муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларида ноаниқликлар бўлиши мумкин. Шундай ҳолатларда қонунчиликдаги ноаниқликлар кимнинг фойдасига, қандай тартибда ҳал этилиши ва талқин этилиши муҳим ҳаётий аҳамият касб этади.

Янгиланган Конституциямизнинг 20-моддасида “Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилинади”, деган инсонпарвар қоида мустаҳкамланди.

Мазкур қоидага ўхшаш нормалар Жиноят-процессуал, Божхона, Солиқ кодекслари, шунингдек “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонунларда ҳам ўз аксини топган бўлиб, амалиётда қонунчиликдаги номувофиқликлар истеъмолчилар, солиқ тўловчилар, тадбиркорлик субъектлари, жиноят процесси иштирокчилари фойдасига талқин этилмоқда.

Эндиликда ушбу қоиданинг Конституцияда мустаҳкамланиши унинг қўлланиш доирасини янада кенгайтиради. Яъни, нафақат жиноят процесси, солиқ ёки тадбиркорлик соҳасида, балки инсон иштирок этиши мумкин бўлган ҳар қандай ижтимоий-ҳуқуқий муносабатларга татбиқ этиш имконини беради.

Давлат ва инсон ўртасида муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликдаги ноаниқликлар турли тушунмовчиликларга, инсон ва фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигига олиб келади. Масалан, Солиқ кодексининг ўзида муайян бир масала юзасидан турлича норма белгиланган бўлиши ёки тадбиркорликка оид битта қонунда бошқа норма, иккинчи қонунда бошқача норма белгиланган бўлиши мумкин. Бундай номувофиқликни, табиийки, солиқ органи давлат фойдасига, фуқаро эса ўз фойдасига талқин қилинишини хоҳлайди. Конституцияга киритилган норма эса шундай номувофиқликлар давлат эмас, инсон фойдасига ҳал этилади, деган қатъий нормани аниқ-равшан мустаҳкамланди.

Ушбу принципнинг Конституция даражасида мустаҳкамланиши инсон манфаатлари устунлиги асосида “инсон – жамият  – давлат” тамойилини амалга оширишга  хизмат қилади.

Жавоб: Янгиланган Конституциямизнинг 21-моддасига “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат қонунга мувофиқ ва фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш мақсадида зарур бўлган доирада чекланиши мумкин”, деган норма мустаҳкамланди.

Таъкидлаш керакки, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 12, 19, 21, 22-моддаларида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат қонунда назарда тутилган давлат хавфсизлигини, жамоат тартибини, аҳоли саломатлиги ва маънавиятини ёки бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш учун зарур бўлган чеклашлар қўлланиши мумкин.

Конституциямизга киритилган ўзгартиришга кўра, фуқароларнинг ҳуқуқларини чеклаш фақат қонун билан белгиланган тартиб ва асосда амалга оширилади.

Жамият манфаатларини кўзлаган ҳолда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш қонунда белгиланган тартиб ва асосларга мувофиқ амалга оширилгандагина қонуний ҳисобланади.

Ҳуқуқларни чеклаш асослари эса, авваламбор, жамоат хавфсизлиги ва тартибини таъминлашга, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга йўналтирилган. Масалан, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунга асосан 2020 йилда COVID-19 пандемияси туфайли, Ўзбекистонда карантин режими эълон қилиниб, аҳолининг ҳаракат эркинлиги катъий чекланди ва бу чеклов аҳоли саломатлигини сақлаш, пандемиянинг кенг тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида амалга оширилган эди.

Ушбу нормани Конституциямизда акс эттирилиши белгиланган ҳолатларда индивидуал ҳуқуқлар, яъни алоҳида шахсга тегишли ҳуқуқлардан жамоавий ҳуқуқларни таъминлаш устувор эканлигини назарда тутади. Бунда аҳоли саломатлиги, турли хил хавф-ҳатар ва таҳдидлардан халқимизни ҳимоялаш, барқарор ривожланишни ва фаровонликка эришиш мақсадида бундай чекловлар назарда тутилади.

Мазкур қоида Франция, Испания, Германия, Словения, Польша конституцияларида мустаҳкамланган. Айни шу маънода, киритилган норма аҳолининг хавфсизлиги, саломатлиги ва тинчлигини, жамоат тартибини таъминлашга, шунингдек, Конституция ва қонунларга мувофиқ ташкил этилган давлат ҳокимияти ва бошқарув органларини бир меъёрда фаолият юритишини кафолатлашга хизмат қилади.

Жавоб: Ривожланиш, яъни камол топтириш ҳуқуқи, кенг қамровли иқтисодий, ижтимоий, маданий ва сиёсий жараён бўлиб, шахснинг фаровонлигини доимий равишда оширишни назарда тутади.

Асосий қонунимизда “инсон – жамият – давлат” тамойили ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштирилиши натижасида давлат ва жамиятнинг сиёсий-ҳуқуқий қиёфаси ўзгармоқда. Инсоннинг ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, унинг бахт-саодатини таъминлаш давлат сиёсатининг асосий мазмуни, барча давлат органлари фаолиятининг энг устувор мақсадига айланмоқда.

Шу боис, янгиланган Конституциямизнинг 21-моддасига ҳар бир инсон ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқига эга, деган норма белгиланди.

Демократик ислоҳотларнинг мезони сифатида “Давлат инсон учун” тамойили белгиланиши ушбу жараёнларнинг локомотиви, қолаверса, барча бойликлар, неъматларнинг бош истеъмолчиси инсон эканлигини яна бир бор таъкидлайди. Ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқи инсон салоҳиятининг янги қирраларини намоён қилиш, барча имкониятларни рўёбга чиқаришнинг бош омили ҳисобланади. Шахсларнинг маънавий, интеллектуал, жисмоний
ва аҳлоқий жиҳатдан камол топишига кўмаклашиш эса ҳар бир давлатнинг энг муҳим вазифаларидан биридир.

БМТнинг 1986 йилдаги Ривожланишга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги Декларацияда қайд этилганидек, инсон ривожланиш жараёнининг асосий субъекти ҳисобланади.

Шу билан бирга, шуни ёдда тутиш керакки, мазкур янгилик “ўзбошимчалик”ни назарда тутмайди, чунки Конституциямизнинг 21-моддаси иккинчи қисмида инсоннинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари, эркинликлари
ва қонуний манфаатларига путур етказмаслиги
кераклиги аниқ кўрсатилган.

Ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқибу инсоннинг ўз шахсини эркин ривожлантириш, қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган ҳар қандай ҳаракатни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлишидир.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида ҳам айнан “ҳар бир инсон қаерда бўлишидан қатъи назар, ўзининг ҳуқуқ субъекти сифатида тан олинишига ҳақли” деган қоида бежизга мустаҳкамланмаган.

Юридик жиҳатдан шахсни эркин камол топтириш ҳуқуқи унинг ҳуқуқларини қонунчиликда кафолатлаш, сўнгра уларни таъминлаш орқали амалга оширилади. Ўзбекистон қонунчилиги “инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади” деган олтин қоида билан сингдирилганлиги эркин камол топтириш ҳуқуқини амалга ошириш учун барча имкониятлар мавжудлигини англатади.

Ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқи инсоннинг ижод қилишга бўлган ҳуқуқлари асосида таълим олиш, маданий ва ижтимоий неъматлардан баҳраманд бўлиш, ўзига керакли бўлган билим ва илмни олиш ҳуқуқини ҳам англатади. Ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқи белгиланиши инсонга ўзини-ўзи кашф этишга, ўзини яратишга бўлган психологик ва физиологик эҳтиёжлари амалда таъминланиши учун конституциявий-ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлайди.